
Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “KAMAZ” юк автотранспорт воситаси "Сирдарё" чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салондаги спорт сумкасига 8 бош лочин яширилгани фош бўлди. Боз устига қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинган. Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочин Ўзбекистоннинг 2019-йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган ва табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6 таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобланади.
Суриштирувлар давомида қонунбузарлар ушбу қушларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлган.
Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланмоқда.
Ҳолат юзасидан эса божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб дўлта (сиртлон)лардан бири ўлдирилгани, Бухоро шаҳрида Қизил китобга киритилган қуш савдосининг олди олингани ва табиатга қўйиб юборилгани ҳамда Ҳисор қўриқхонасида ноёб тоғ эчкисини овлаганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.


